Задачи и функции министерства

Распечатать

ЎЗБЕКИСТОН НОГИРОНЛАР ЖАМИЯТИНИНГ

НИЗОМИ 

1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

  1. Ўзбекистон Ногиронлар жамияти (бундан кейин матнда «Жамият» деб юритилади) ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланиб, унинг ташкилий-ҳуқуқий шакли жамоат бирлашмасидир
  2. Жамият ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикаси «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги, Ўзбекистон Республикаси «Нодавлат нотижорат ташкилотлари кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида»ги қонунлари, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятларини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда мазкур Устав асосида амалга оширади.
  3. Жамият ўз фаолиятини ошкоралик, коллегиаллик, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик ва жамоат фикрини ҳисобга олиш тамойиллари асосида юритади.
  4. Жамият Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан, ҳудудий бўлимлари ҳудудий Адлия бошқармаларидан, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг юридик шахс ҳисобланади.
  5. Устав мақсадларига эришиш учун жамият бошқа ташкилотлар билан шартномалар тузиш, мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин, судда даъвогар ва жавобгар сифатида иштирок этади.
  6. Жамият ўз номига, муҳр ва штампларига ҳамда белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан рўйхатдан ўтган рамзига, тегишли банкда ҳисоб ва валюта рақамларига ҳамда бошқа ўз фаолиятига зарур бўлган атрибутика ва реквизитларга эга бўлиш ҳуқуқига эга.
  7. Жамият ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширади.
  8. Жамият белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида ўзининг ҳудудий бўлим ва бўлинмаларини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлиб, улар белгиланган тартибда тегишли ҳудудий адлия органларидан давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг уларнинг фаолияти қонуний ҳисобланади. Шунингдек, улар юқорида номлари қайд этилган қонунлар ва тегишли норматив ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда мазкур Устав асосида фаолият кўрсатадилар.
  9. Жамиятнинг фаолияти номуайян муддатга ташкил қилинган.
  10. Жамият ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли бўлган барча мол-мулки билан жавоб беради. Давлат, давлат органлари, корхоналар ва муассасалари, таъсисчилари ва иштирокчилари жамиятнинг мажбуриятлари ва қарзлари юзасидан жавоб бермайдилар. Жамият давлат, давлат органлари ҳамда корхона ва муассасалар шунингдек, таъсисчилари ва иштирокчиларининг мажбуриятлари юзасидан жавоб бермайди.
  11. Жамиятнинг тўлиқ номи:
      Ўзбек тилида:  Ўзбекистон Ногиронлар жамияти.
      Рус тилида: Общество инвалидов Узбекистана.
  12. Жамиятнинг жойлашган ери (почта манзили): Тошкент шаҳри, Юнусобод тумани, Индекс 100000, Шарофобод кўчаси, 5 уй. 
  13. Жамиятнинг почта манзили ўзгарган тақдирда, бу ҳақда уни рўйхатдан ўтказган органга хабар беради. 

2-БОБ. ЖАМИЯТНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

  1. Жамият фаолиятининг асосий мақсади жамият аъзоларига, ногиронларга тенг имкониятлар яратиш, ижтимоий ҳаётда фаол қатнашишлари учун кўмаклашиш, баҳоли қудрат меҳнатга жалб этиш, маиший масалаларни ҳал қилишда кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат.
  2. Жамият мақсадига эришиш учун қуйидаги вазифаларни амалга оширади:
    • ногиронлиги бўлган Ўзбекистон фуқароларини жамият аъзолигига жалб этади;
    • ногиронларга Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгилаб берилган ҳуқуқлар, имтиёзларни амалга оширишда ёрдамлашади;
    • ногиронларга тенг имкониятлар яратишга йўналтирилган таклифларни ишлаб чиқади ва ҳаётга жорий қилишда қатнашади;
    • ногиронларни мақсадга мувофиқ ишга жойлаштиришга ёрдамлашади;
    • ногиронликни профилактика қилишда қатнашади;
    • ногиронларга умумий, махсус ва олий маълумот олишларида, касб танлашда, уларнинг малакасини оширишда кўмаклашади, ногиронлар эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, мавжуд турар-жойларни, маъмурий-хўжалик, ишлаб-чиқариш биноларини, спорт ва маданий иншоотларини, жамоат транспортини, кўчалар, алоқа воситалари ва бошқаларни ногиронлар учун махсус мосламалар билан жиҳозлашда қатнашади. Ногиронларга мосламалар учун стандартлар ва нормативлар ишлаб чиқишда қатнашади;
    • ишлаб чиқариш базасини, маданий-маърифий ва спорт-соғломлаштириш муассасалари тармоғини яратади ва ривожлантиради;
    • Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ахборот алмашади;
    • ногиронларнинг манфаатларига тегишли масалаларни ечишда қатнашади;
    • жамият аъзоларига ҳуқуқий хизмат кўрсатади ва маслаҳат беради;
    • соғлом турмуш тарзини тарғиб қилади;
    • жамият фуқаролардан, жамоат ташкилотларидан, корхоналардан, шунингдек давлат муассасаларидан ҳайрия, ҳомийлик ёрдамларини олиши мумкин;
    • қонунда таъқиқланмаган бошқа фаолият турлари билан шуғулланиши мумкин;
    • лицензия олиш шарт бўлган фаолият тури жамият томонидан лицензия олингандан сўнг амалга оширилади;
    • жамият молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда ўзининг аъзоларига қуйидаги ёрдамларни кўрсатиши мумкин: моддий ёрдам кўрсатиш, даволаниш, ҳайрия тўйлари ва юбилейларини ўтказиш, маданий-маиший тадбирлар, ҳайрия концертлари уюштириш, спорт мусобақалари уюштириш, ўқув курслари ташкил қилиш, ахборот марказларини ташкил этади;
    • жамият ўз аъзоларининг манфаатини кўзлаб фаолият юргизади;
    • ногирон болалар ижтимоий реабилитацияси билан шуғулланади;
    • Давлат органлари томонидан ногиронларга тегишли масалаларни ечишда қатнашади ва тегишли таклифларни ишлаб чиқади;
    • ногиронлар талабини ва истакларини қондириш мақсадида давлат томонидан ажратилган ҳайрия маҳсулотини олиш ва тарқатишда қатнашади.

3-БОБ. ЖАМИЯТНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

  1. Жамият белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
    • ўз қатнашчилари ва аъзоларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш;
    • ижтимоий ҳаётнинг турли масалаларига доир ташаббуслар билан чиқиш, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига таклифлар киритиш;
    • давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг қарорларини ишлаб чиқишда қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда иштирок этиш;
    • ўз фаолияти тўғрисида ахборот тарқатиш ва белгиланган тартибда оммавий ахборот воситаларини таъсис этиш ва тегишли лицензия асосида матбаа ва ноширлик фаолиятини амалга ошириш;
    • ўз фаолиятига тааллуқли масалалар юзасидан йиғилишлар, Конференциялар ўтказиш ва бошқа тадбирлар ўтказиш;
    • қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда солиқлар, йиғим ҳамда бюджетдан ташқари фондларга бошқа тўловлар тўлашда белгиланган имтиёзлардан фойдаланиш;
    • Ўзбекистон Республикаси қонунларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади;
    • қимматбаҳо қоғозлар бозорида иштирок этади, ҳайрия маркалар чиқаради ва тарқатади, ҳайрия концертлар ва тадбирлар ўтказади;
    • ноширлик фаолияти билан шуғулланади, ўз матбуот органини ташкил қилади;
    • бино ва иншоотларни ҳамда транспорт воситаларини ижарага олади ва ижарага беради;
  2. Жамият қуйидаги мажбуриятларга эга:
    • Қонун ҳужжатларига риоя этиш ва ўз мол-мулки ва пул маблағларидан фойдаланиш тўғрисидаги ахборот билан танишиш эркинлигини таъминлаш;
    • нодавлат нотижорат ташкилот сифатида жамиятни рўйхатдан ўтказувчи органга ўзи ўтказаётган тадбирлар ва фаолият билан танишиш учун эркин кириш имконини бериш, шунингдек рўйхатдан ўтказувчи, солиқ ва статистика органларига белгиланган тартибда ҳисоботларни ўз вақтида тақдим этиш.

4-БОБ. ЖАМИЯТ АЪЗОЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

  1. Жамият вазифаларини амалга оширишда фаол қатнашадиган, Уставни тан олган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқароликка эга бўлмаган шахслар, 18 ёшга тўлган фуқаролар жамиятга аъзо бўлиши мумкин. Жамият аъзолигига кириш аризаси, бўлим ва бўлинмалар раиси номига ёзилади, бўлим ва бўлинма раислари буйруғи билан аъзоликка қабул қилинади, жамият аъзоси аъзолик бадаллари тўлайди. Марказий Девон ишчилари бўлим ва бўлинмаларга ариза ёзадилар, ҳисобда турадилар ва аъзолик бадали тўлайдилар. Жамият аъзолигига қабул қилиш рад этилганда, рад жавобини олган шахс жамиятнинг раҳбар органларига мурожаат этиши мумкин.
  2. Жамоа бўлиб аъзо бўлишликка (вакиллар орқали) ҳам рухсат этилади. Жамиятнинг мақсадларини рўёбга чиқаришга ёрдам берадиган жамоат ташкилотлари, шу жумладан клублар, жамиятлар, уюшмалар ва бошқа ташкилотларнинг меҳнат жамоалари жамоа бўлиб аъзо бўлишлари мумкин. Жамоа аъзоларини қабул қилиш тартибини Марказий Раёсат ва бўлим ҳамда бўлинма Раёсатлари қарори билан белгиланади.
    • юқори органлар қарорларини уларнинг ҳуқуқлари ваколати доирасида бажарадиган шахслар қабул қилинади;
    • жамиятга аъзо бўлмаган шунингдек аъзолик бадали тўламаган фуқароларнинг ариза- шикоятлари инобатга олинмайди.
  3. Жамият аъзоларининг ҳуқуқлари:
    • жамият аъзолари жамиятнинг рахбар органларига сайланиш ва сайлаш ҳуқуқига эга;
    • тегишли масалалар юзасидан жамиятнинг юқори органларига мурожаат қилиш;
    • жамият рахбар органлари белгилаб берган маънавий ва моддий воситалар билан рағбатланиш;
    • жамият аъзолигига қабул қилишга рад жавобини олган ёки аъзоликдан чиқарилган аъзолар, бундан норози бўлган тақдирда, бу ҳақидаги шикоят билан жамиятнинг раҳбар органига мурожаат қилиш;
    • ўз хоҳишига кўра жамият аъзолигидан чиқиш;
    • қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа ҳуқуқлар.

5-боб. Якунловчи қоида

  1. Жамиятни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

 

Ушбу низом

Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлигининг

2014 йил 21 ноябрьдаги

“Ўзбекистон Ногиронлар жамияти фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги

514п-сонли қарори билан рўйҳатга олинган.

Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech